Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилса, уларга нисбатан қатъий жазо қўллаш ва ҳатто лицензиясини бекор қилиш кўзда тутилган.

Шу кунга қадар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаментига 873та мурожаат келиб тушган. Улар ичида 255 дорихоналардаги нарх-наволарда қонунбузарлик ҳолати кузатилгани сабабли уларнинг фаолияти 10 кун муддатга тўхтатиб қўйилган. Бундан ташқари, 615та дорихоналарга нисбатан уларнинг фаолиятини тўхтатиш ва хўжалик судига юбориш бўйича қарорлар қабул қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари қайд этишича, дорихоналар фаолияти юзасидан олиб борилаётган профилактика ишлари ўз самарасини беради.

Истеъмолчиларда мамлакатимиздаги мавжуд дорихоналардаги дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифати ва нархи билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича ҳал этилмаган муаммо, ариза, шикоят ёки таклифлар бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ушбу йўналишда ташкил қилинган (0371) 242-84-16 рақамли Ишонч телефони орқали мурожаат қилишлари мумкин. Ҳар бир мурожаат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилади, назоратга олинади ва қонун доирасида ҳал этилади.