Шу кунларда Вазирлар Маҳкамасининг “Доривор ўсимликлар асосида дори воситаларини ва биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёнида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда доривор ўсимликларни бирламчи ва чуқур қайта ишловчи 190 та кичик ва йирик корхоналар томонидан жами 392 турдаги дори воситалари ва 62 турдаги биологик фаол қўшимчалар рўйхатдан ўтказилиб, 15,11 миллион қадоқ биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарилиб сотувга чиқарилди.

Маҳаллий дори воситалари ҳақида сўз кетар экан, Ўзбекистон ҳудудида ўсувчи доривор ўсимликлар асосида тайёрланадиган оригинал дори воситалари тўғрисида сўзлаб ўтиш жоиздир.

Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Биоорганик кимё институти, Ўсимлик моддалари кимёси институти, шунингдек, Тошкент фармацевтика институти ва Ўзбекистон кимё фармацевтика илмий тадқиқот институти томонидан соҳанинг долзарб муаммолари бўйича илмий тадқиқот ишлари амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Улар томонидан сўнгги 20 йил мобайнида маҳаллий хом ашёлар асосида яратилган 30 га яқин оригинал дори воситалари тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилиб, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариш жорий этилган.

Давлатимиз раҳбарияти томонидан фармацевтика саноати корхоналарига ҳам қатор имтиёзлар берилиши соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 сентябрдаги “2016-2020 йилларда республикада фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, 2020 йилгача бўлган даврда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича жами 67 та инвестицион лойиҳалар ижроси режалаштирилган. 

Бўстонлиқ, Зомин, Бойсун туманларида ва Сирдарё вилоятида эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилаётганлиги маҳаллий фармацевтика саноатининг янада ривожланиши, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тури ва ҳажмининг ошиб бориши ҳисобига дори таъминотини янада яхшилашда муҳим ўрин тутади.