Бугун, 16 март куни Тошкент шаҳридаги матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт тизимида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан биридир" мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг 2016 ҳамда 2017 йиллар учун қиёсий жадвали маҳаллий дори воситаларининг нархи 8 фоиздан 44 фоизга пасайганлигини кўрсатиши қайд этилди. Шундай экан, Ўзбекистон аҳолиси энди маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларни сезиларли даражада паст нархларда харид қилиш имконига эга бўлаётгани таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўрибосари Ҳожибоев Абдуҳаким Мўминович

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан, юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилса, уларга нисбатан қатъий жазо қўллаш ва ҳатто лицензиядан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Истеъмолчиларда мамлакатимиздаги мавжуд дорихоналардаги дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифати ва нархи билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича ҳал этилмаган муаммо, ариза, шикоят ёки таклифлар бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ушбу йўналишда ташкил қилинган (0371) 242-84-16 рақамли Ишонч телефони орқали мурожаат қилишлари мумкин. Ҳар бир мурожаат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилади, назоратга олинади қа қонун доирасида ҳал этилади.

 

Фото: Kun.uz

Шунингдек 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб республикамиздаги барча дорихоналарнинг "истеъмолчи бурчаги"да бўлиши мажбурий энг зарур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати, белгиланган нархларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чекланган нархлари ҳамда шу нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ҳамда 2017 йиллар учун қиёсий жадвали илинди.

Фото: Kun.uz