15 март куни YouTube сервиси фойдаланувчиси Крейг Олесцевски Райнклифф (Нью-Йорк) бекатига темир йўл очилганидан сўнг поезднинг илк бора келиши тасвирланган видеони тақдим этди. Унинг таъкидлашича, поезд одатдагидан тезроқ ҳаракатланган ва ўз йўлидаги қор уюмларини йўқ қилиб юборган ҳамда бекатдаги кишиларни қор тагида қолдирган.

Кўплаб йўловчилар уларга ҳам қор ёпирилиши мумкинлигини кўришган, бироқ ҳодисани хавфли масофадан туриб суратга олишда давом этишган. Гувоҳлардан бири NBC New York’га берган интервьюсида маълум қилишича, агарда поезд секинроқ ҳаракатланганда, улар қор уюми тагида қолиб кетишмаган бўларди. Канал поезд тегишли бўлган Amtrak компаниясига мурожаат қилди, бироқ ҳеч қандай жавоб олмади.

Маълумот учун, 14 март куни АҚШ шимоли-шарқига “Стелла” номли кучли қор бўрони ёпирилди. Қор иқлимшунослар тахмин қилганидек у қадар кучли бўлмади, бироқ бир неча шаҳарларда барибир фавқулодда ҳолат эълон қилинди, авиарейслар бекор қилинди ҳамда поездлар ҳаракатига ўзгаришлар киритилди.