Сирдарё вилоятида 2016 йилда 1215та тадбиркорлик субъекти ташкил топган бўлса, 719таси ўз фаолиятини тугатган, яна 717таси бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги сайтида хабар қилинган. 

Маълум қилинишича, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган очиқ мулоқот тадбиркорлик субъектларига ўрганишлар давомида аниқланган муаммоли масалаларни ҳал этишга қаратилди.

Хусусан, тадбирда тадбиркорликка хизмат қилувчи бозор иқтисодиёти инфратузилмаси институтлари – тижорат банклари, консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг ва суғурта ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти мутасадди органлари иштирокида ҳудуддаги кичик тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятини тугатиш ва тўхтатганлик сабаблари атрофлича муҳокама этилди.

Давра суҳбатида ўз фаолиятида турли қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари томонидан атрофлича тушунтириш берилди. Аниқ амалий ёрдам кўрсатиш бўйича келишувларга эришилди.

Тадбир давомида партия фаоллари томонидан жойларда аниқланган масалалар эчими юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралар томонидан аниқ чоралар кўрилиши белгилаб олинди.