2017 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2017 йил 18 март шанба дам олиш кунини 2017 йил 20 март душанба кунига кўчириш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Унга кўра, аҳолига кетма-кет 3 кун давомида дам олиш учун шароит яратиб берилган.

Аммо 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган муассасалар ходимлари якшанба куни ишга чиқади. Бу маълумот  «Кун.uz» сўровига жавоб қайтарган турли манбалар томонидан тасдиқланди.

Ўзбекистон бош вазирининг тегишли фармойишига кўра, Молия вазирлиги соҳасидаги ташкилотлар, банклар, жумладан Марказий банк ва барча тижорат банклари ходимлари, шунингдек, солиқ идоралари ходимлари учун 19 ва 26 март кунлари иш куни деб эълон қилинган.

«2017 йил март ойи кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида банк тизими, молия ҳамда солиқ идораларининг айрим ходимларини 2017 йил 18, 25 март шанба ҳамда 19, 26 март якшанба кунлари қонунчиликда белгиланган тартибда ишга жалб қилишга рухсат этилсин», дейилган Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов фармойишида.

Маълумот учун, Меҳнат кодексининг 157-моддасида иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгиланган.

19 март иш куними? Кун саволига ҳеч кимда жавоб йўқ

Меҳнат вазирлиги Наврўз байрами арафасида 3 кун дам олиш иложсизлигини маълум қилди