Сомалилик қочқинлар минган кемага Яман қирғоқлари яқинида вертолёт орқали авиазарба берилди. Франс Пресс маълумотига кўра, ушбу ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 42 нафарни ташкил қилмоқда.

"42 кишининг жасади топилди", дея маълум қилган Миграция бўйича халқаро агентлик вакили Жоэл Миллман.

Бундан олдинроқ Рейтер агентлиги Ямандан Суданга йўл олган қочқинлар ҳужумга учрагани маълум қилинганди. Кемага номаълум шахслар Боб-ал-Мандеб бўғози яқинида Apache вертолётидан зарба йўллаган.