Болгария Туркияни мамлакатдаги муддатдан аввалги парламент сайловлари жараёнига аралашишда айблади ва ўзининг Туркиядаги элчисини маслаҳатлашиш учун чақиртириб олди. Бу ҳақда 16 март куни The Sofia Globe нашри хабар берди. 

Жумладан, Болгария Анқара маҳаллий турклар манфаатини билдиришга даъвогарлик қилувчи маҳаллий партиялардан бирини қўллаб-қувватлашини айтди. Шу билан боғлиқ ҳолда Туркия меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири Мехмет Муяззинўғлунинг Туркияда яшовчи булғорларни "Маъсулият, озодлик ва бағрикенглик учун демократлар" партиясига овоз беришга чақиргани эслатиб ўтилди.

Болгария бош вазирининг ички тартиб ва хавфсизлик бўйича ўринбосари, мудофаа вазири Стефан Янев сайловлар арафасида "миграцион оқимнинг фаоллашишидан", яъни Туркияда яшовчи Болгария фуқаролари ўз ватанларига келиб, овоз беришлари мумкинлигидан огоҳлантирди. Янев шунингдек мамлакат раҳбарияти Болгария-Туркия чегарасини шундай овоз берувчилар кесиб ўтишининг олдини олмоқчилигини айтди.   

7 март куни Болгария ташқи ишлар вазирлиги Туркия элчисини чақиртириб, унга "мамлакатнинг ички ишларига аралашилишидан" норозилик билдирганди. Бунга жавобан Анқара Софияни Туркияда яшовчи булғорларнинг яшаш манзили бўйича овоз бериш имкониятини чеклаш билан сайлов ҳуқуқларини таҳқирлашда айблаган.

Болгарияда муддатдан аввал парламент сайловлари 26 март куни бўлиб ўтади. Болгарияда мусулмонлар аҳолининг 13 фоизини ташкил қилади. Уларнинг катта қисмини турклар ташкил қилади. Айни вақтда Туркияда 60 мингга яқин булғорлар яшайди. Улар охирги ўн йил ичида Туркияга кўчиб ўтишган ва шу билан бирга Болгария фуқаролигини сақлаб қолишган.