Фарғона шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Марғилонсойда кичик ГЭС қурилиб, ишга туширилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» газетаси сайтида хабар берилган.

Хабарда таъкидланишича, мазкур инновацион лойиҳа Фарғона политехника институти олимлари томонидан рўёбга чиқарилди.

Синов жараёнида 6 та кўча ёритиш чироғи шаҳар электр тармоқларидан узиб қўйилиб, қурилма ёрдамида ёритилди. Соатига 3 киловатт электр энергияси ишлаб чиқарадиган мазкур генератор қувват узлуксизлигини таъминлаши амалда тасдиқланди.

«Унинг ёрдамида 50 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин. Ускунанинг гидротурбиналари металлдан ясалган. Унинг махсус чўмичлари кинетик энергияни — механик энергияга айлантириб беради. Содда ишланган ва таннархи арзон чархпалак энергияни тежашда ҳамда барқарор таъминотда жуда қўл келади», — дейилган хабарда.