Францияда президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзолар қабул қилиниши 17 март куни якунланди. Номзодларнинг якуний рўйхати 18 март куни чоп этилади. 

Франция қонунчилигига кўра, президент сайловларида иштирок этиш учун турли даражадаги камида 500 нафар халқ депутатининг имзоси талаб этилади.

Имзолар қабул қилиниши муддати 17 март маҳаллий вақт билан 18.00 да якунланиши керак эди. Конституцион кенгашнинг охирги маълумотларига кўра, қуйидаги номзодлар зарур миқдордаги имзоларни тўплай олганлар: собиқ бош вазир Франсуа Фийон — 2953 имзо, собиқ таълим вазири Бенуа Амон — 1717, "Олға" ҳаракати етакчиси, собиқ иқтисодиёт вазири Эммануэль Макрон — 1548, "Франция, уйғон" партияси раиси Николя Дюпон-Эньян — 672, "Ишчи кураш" партияси вакили Натали Арто — 623, "Миллий фронт" партияси раиси Марин Ле Пен — 618 ва "Халқ-республика иттифоқи" етакчиси Франсуа Аселино — 569 имзо.

Номзодликка рўйхатдан ўтиш учун имкониятни яна 3 даъвогар сақлаб қолаётганди: "Бирдамлик ва тараққиёт" партияси асосчиси Жак Шеминад (469 имзо), депутат Жан Ласаль (453 имзо) ва "Янги аксилкапиталистик партия" етакчиси Филипп Путу (357 имзо). 

Францияда 2012 йилги президентлик сайловларида 10 номзод иштирок этганди.

Францияда жорий президентлик сайловлари икки босқичда 23 апрель ва 7 май кунлари бўлиб ўтади.