Греция полицияси қўлбола портловчи қурилмалар жойланган иккита пакет қандай қилиб почта ва аэропорт назоратидан ўтиб кетганини аниқламоқда. Ушбу жўнатмалар ХВЖ (Халқаро валюта жамғармаси)нинг Париж бўлими ва Германия молия вазирлигига юборилган. Бу ҳақда Греция фуқароларни ҳимоя қилиш вазири Никос Тоскас ANT1 телеканалига берган интервьюсида маълум қилган. Тоскас Греция полицияси ишини назорат қилади. 

15 март куни Германия молия вазири Вольфганг Шойблега юборилган бомбали жўнатма аниқланган, 16 мартда шу каби жўнатма ХВЖнинг Париждаги дирекцияси котиби қўлида портлаган эди. Хизматчининг қўллари ва юзи жароҳат олганди. Жўнатмаларнинг иккиси ҳам Грециядан юборилгани аниқланган. Биринчи ҳолат учун жавобгарликни "Оловли бўлинмалар фитнаси" ўз зиммасига олган. Ҳозирча, Париждаги жиноятни ҳеч ким зиммасига олмаган.