Агар «Лестер» Чемпионлар лигасида, «Манчестер Юнайтед» эса Европа Лигасида ғолиб чиқса, АПЛда 4-ўринни эгаллаган жамоа кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этиш имкониятига эга бўлмайди.

Чемпионлар лигасида айни вақтда «Лестер» Англиянинг ягона вакили сифатида қолган. Назарий жиҳатдан агар «тулкилар» жамоаси турнир чемпионига айланса, жамоа кейинги мавсумда гуруҳ босқичида тўғридан-тўғри ўринга эга бўлади.

Европа Лигасида ҳам Англиядан бир вакил бор – «Манчестер Юнайтед». Бу жамоа турнир фаворити сифатида қаралмоқда. Тартибга кўра Европа Лигаси ғолиби Чемпионлар лигасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Қоидага кўра ҳар бир футбол ассоциацияси Чемпионлар лигасида кўпи билан 5тадан вакил тақдим эта олиши мумкин. Юқоридаги ҳолат рўй берган тақдирда АПЛда тўртинчи ўринни эгаллаган жамоа ўз-ўзидан турнирда қатнашиш имконидан маҳрум бўлади.

«Манчестер Юнайтед» ва «Лестер» айни вақтда Чемпионлар лигаси учун йўлланма берувчи ҳудудда эмас, Моуриньо шогирдлари 6-ўринда жойлашган, амалдаги чемпионлар эса бу мавсумда лигада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб бормоқда - 15-ўрин. 

Айни вақтда АПЛнинг тўртинчи ўрнида «Ливерпуль» (55 очко) жойлашган, бу жамоадан 2та кам ўйин ўтказган ва 21 йилдан буён ҳали ЕЧЛдан қолиб кетмаган «Арсенал» эса 50 очко билан бешинчи ўринда.