Қозоғистон президенти ОАВ вакиллари билан учрашув вақтида мамлакатда сиёсий рақобат мавжуд эмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб беришига тўғри келди. Бу ҳақда Tengrinews хабарида ёзилган.

Назарбоевнинг маълум қилишича, Қозоғистон кучли президентлик ҳокимияти ва сиёсий рақобат мавжуд эмаслиги эвазига ютуқларга эришган.

«Бундан 100 фоизга фойдаландик. Бизнинг барча муваффақиятларимиз айнан шунинг эвазига юзага келган», —деган у. Ундан Қозоғистон бирпартиявийлик ҳукмронлиги ва сиёсий рақобатнинг йўқлигидан қандай фойдаланилгани хусусида сўрашганди.

«Интерфакс» агентлиги хабарига кўра, Назарбоевнинг ҳисоблашича, агар Қозоғистонда сиёсий рақобатга ўрин берилганида «бу рақобат бўлмасди, шунчаки муштлашувлар бўларди, чунки сиёсий маданият етишмасди».

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон давлат дастурлари муваффақият билан бажарилиши «айнан шу дастурларни қабул қилишга мажбурлаган, бажартирган ва натижага эришган қаттиққўл вертикал сиёсат туфайлидир».