Нидерландия билан низо Анқарага ўта фойдасиз бўлиб, у Туркияга инвестиция ва сайёҳлик соҳасида катта зиёнлар келтириши мумкин, деб айтди Туркиянинг Яқин Шарқ техника университети халқаро алоқалар кафедраси раҳбари, Гумбольдт номидаги Берлин университетининг таклиф қилинган профессори, "Валдай" халқаро баҳс клуби мутахассиси Ҳусайн Багжий.

"Нидерландия билан низога бориш ҳам вақт, ҳам сиёсий нуқтаи назардан нотўғри бўлди. Нидерландия Туркиянинг энг йирик инвесторларидан бири ҳисобланади. Туркияга жалб қилинадиган тўғридан-тўғри инвестицияларнинг 16 фоизи Нидерландия улушига тўғри келади. Нидерландия билан низодан Туркия нафақат инвестициялар, балки сайёҳлар борасида ҳам иқтисодий зиён кўради. Туркия ва Нидерландия бир-бирига керак", деб айтди мутахассис.  

Профессорнинг айтишича, "Туркия президенти, сиёсатчиларининг Нидерландия номига билдирган танқидлари қораловчи ва таҳдид солувчи характерга эга ва голландлар бу чақириқларни қабул қилдилар ва тарангликнинг кучайишидан хавфсирамаяптилар".

Багжийнинг таъкидлашича, "голланд-турк муносабатлари Туркия ички сиёсатига ҳам ўз таъсирини кўрсатди".    

"Эрдўғаннинг хатти-ҳаракатини у 16 апрелда ўтадиган конституцион референдумда ижобий натижа олишни кутаётгани билан тушунтириш мумкин. Ўтган ҳафтада Эрдўған Туркиядаги сиёсий тузумни ўзгартириш учун зарур бўладиган 50 фоиз овоз олишга унча ҳам кўзи етмаётганди. Нидерландия билан можаро унга 2-3 фоиз устунлик берди, бироқ бу устунлик яқин ҳафталарда мустаҳкамланиши бизга қоронғу", деб ўз фикрларини якунлади мутахассис.