Суриянинг Ҳалаб вилояти ҳудудидаги Ал-Жин қишлоғида жойлашган масжидга авиазарба берилиши оқибатида 40дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда кўнгилли қутқарувчиларнинг «Оқ каскалар» ташкилотига асосланган ҳолда ВВС хабар тарқатди.

«Номаълум томон ўтказган рейд оқибатида Ҳалаб вилояти ҳудудидаги масжидга ҳаво зарбаси берилган ва 42 киши ҳалок бўлган. Уларнинг аксар қисми тинч аҳоли вакиллари эди», — дея маълумот берган офиси Лондонда бўлган мониторинг маркази директори Рами Абдул Раҳмон.

Унинг қўшимча қилишича, юзга яқин киши ушбу ҳужум оқибатида яраланган. Харобалар остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин.

Ҳозирча қайси томон самолёти зарба бергани маълум эмас.

Ал-Жин Сурия мухолифати назорати остида ҳисобланади. Бу қишлоқ Ҳалабдан тахминан 20 километр масофада жойлашган.

Ўтган йилнинг 22 декабрида Сурия ҳукумати Ҳалаб қўлга олингани ҳақида расман эълон қилганди, шаҳарнинг шарқий қисмида 4 йилдан буён мухолиф кучлар қўлида эди.