Халқаро олимпия қўмитасининг Жанубий Кореянинг Пхенчхан шаҳридаги ижроия қўмитаси 2020 йилги Олимпия ўйинларининг бейсбол ва софтбол бўйича мусобақаларини Япониянинг Фукусима шаҳрида ўтказишга рухсат берди. Бу ер 2011 йилги табиий офат туфайли жиддий зарар кўрганди, деб хабар бермоқда France Presse агентлиги.

ХОҚнинг қарорига кўра, мусобақалар “Адзума” бейсбол аренасида бўлиб ўтади. Япония собиқ бош вазири ва 2020 йилги Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси раҳбари Ёсиро Морининг таъкидлашича, Токиодаги Ўйинлар, шунингдек Фукусимадаги мусобақалар бутун дунёга мамлакат ва минтақа 2011 йилги табиий офат оқибатларини бартараф этиб бўлганини кўрсатиб беради.

Маълумот учун, "Фукусима-1" АЭСдаги фалокат 2011 йилнинг март ойида рўй берди, ўшанда цунами туфайли станцияда учта энергия таъминоти ва совутиш тизими ишдан чиқди. Натижада учта энергоблокда ёқилғи эриб кетиб, реакторлар ҳимоя корпусига зарар етказди. Шу билан бирга, водород портлаган ҳамда радиоактив моддаларнинг катта миқдори чиқариб ташланган – натижада станцияга яқин ҳудуд жиддий даражада ифлосланди. Айни дамда АЭСда оқибатларни бартараф этиш, жабрланган ҳудудларни радиоактив қолдиқлардан холи қилиш (тозалаш) ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ХОҚ Токиода 2020 йилда ўтказиладиган Олимпия ўйинлари дастурига каратэ, сёрфинг, бейсбол/софтбол, қояларга чиқиш спорти ва скейтбординг турларини киритганди. Тахминларга кўра, бу спорт турлари Олимпиада медаллар дастурини 18 комплектга кўпайтиради, улар учун 474 спортчи кураш олиб боради.