Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги кўчалардан бирини Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримов шарафига номлаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Sputnik Казахстан нашри Остона шаҳар тилларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Тлеугали Кишкашбаевга асосланиб хабар тарқатди.

Унинг маълумотларига кўра, Остонадаги кўчалардан бирини Ислом Каримов шарафига номлаш масаласи бир ҳафтадан кейин ҳал этилади.

Ҳозирда бу масала очиқ қолмоқда. Қарор шаҳар жамоатчилик кенгаши томонидан қабул қилиниши керак бўлади.

«Биз ташқи ишлар вазирлигидан икки мамлакат ўртасида тузилган халқаро битим борасида хат олдик. Кабанбай батир ва Туран кўчалари оралиғида жойлашган 682 метрлик E-109 кўчасини Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов шарафига қайта номлаш таклиф этилмоқда», — деган Кишкашбаев.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Қозоғистон билан алоқадор бир неча кўча мавжуд. Мухтор Авезов, Абай, Жамбул, Сайрам, Чимкент ва Қўстаной кўчалари шулар жумласидан.