Россия Афғонистонда миллий ярашувга эришиш учун қўшимча чоралар кўрмоқчи. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ханиф Атмар билан учрашувда айтиб ўтди.

"Сиз билан миллий ярашувга эришиш билан боғлиқ масалаларда суҳбатни давом эттириш бизга жуда муҳимдир. Биз охирги ойларда бир қатор давлатлар иштирокида ташаббускор қадамлар қабул қилдик. Бу йўналишда қўшимча қадамлар қабул қилмоқчимиз", деб айтган Лавров. 

"Бизда Афғонистон билан савдо-иқтисодий, гуманитар соҳаларда, афғон хавфсизлик кучлари, армияси жанговарлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш истаги сақланиб қолган", деб қўшимча қилган Лавров.

Лавров Москва ва Кобул турли соҳаларда барқарор мулоқотни қўллаб-қувватлашларини айтди. 

Ўз навбатида Атмар Афғонистон Россиянинг ташаббусларини юқори баҳолашини айтган. "Афғонистон анъанавий тарзда кўп йўналишли ташқи сиёсатни олиб боради ва Россия давлатимизнинг ташқи сиёсатида муҳим омил ҳисобланади. Россия ва Афғонистонда кўплаб умумий манфаатлар мавжуд ва бизнинг ҳамкорлик бу умумий мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнайди. Бизнинг ҳамкорлик террорчилик, гиёҳванд моддалар тарқалишига қарши курашда, Афғонистонда тинчлик ва миллий ярашувни таъминлашда муҳим роль ўйнайди", деб айтган Атмар.