Россияда 2018 йилги президентлик сайловлари агар Россия меҳнат вазирлигининг дам олиш кунларини кўчириш лойиҳаси қўллаб-қувватланса, кейинги йилнинг 4 ёки 18 март кунлари ўтиши мумкин. Бу ҳақда Россия Марказий сайлов комиссияси котиби Майя Гришина маълум қилди. 

Сайловлар ўтадиган аниқ сана қонунчиликка таклиф қилинадиган ўзгартиришлар Давлат думаси томонидан қандай қабул қилинишига боғлиқ бўлади.

Аввалроқ меҳнат вазирлиги дам олиш кунларининг кўчирилиши ҳақидаги лойиҳани тайёрлагани маълум қилинганди. Унга кўра, россияликлар 2018 йилда 8-11 март кунлари дам олишлари режалаштирилган.  

Амалдаги қонунчиликка кўра, Россия президенти сайловлари март ойининг иккинчи якшанбасида ўтказилади. Бунга мувофиқ, 2018 йилдаги бу сана 11 март кунига тўғри келмоқда. Қонунга кўра, агар март ойининг иккинчи якшанбаси 8 март байрами ва якшанба куни мос келган, ёхуд байрамдан кейинги ёки байрам кўчирилиши туфайли ишчи куни бўлса, овоз бериш биринчи якшанбага кўчирилади, яъни бу 2018 йил 4 март кунига тўғри келади.   

Шу билан бирга Давлат думасига киритилган ўзгартиришларда овоз бериш кунини март ойининг 3-якшанбасига кўчириш таклиф қилинган. Агар бу ўзгартиришлар қабул қилинса, сайлов куни Қримнинг Россия таркибига кирган куни – 18 мартга тўғри келади.

Шу тариқа, юқорида айтилгандек, президентлик сайловлари ё 4 март, ёки 18 март куни ўтказилиши мумкин.