Сидней аэропортида Regional Express Airlines авиакомпаниясига тегишли бўлган Saab 340 йўловчи турбовинтли самолёти парвоз вақтида двигателларидан бирида паррак отилиб кетганидан сўнг фавқулодда қўнди. Бу ҳақда ABC телеканали хабар бермоқда.

Таъкидланишича, самолёт бортида 16 йўловчи ва уч нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳеч ким жароҳат олмади.

Айни дамда Австралия транспортдаги хавфсизлик бюроси ҳодисани текшириш устида иш бошлади. Бюро ходимлари отилиб кетган парракни топиш ҳаракатида, у Сидней жануби-ғарбидаги туманлардан бирига тушган бўлиши мумкин.