Сурия армияси мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган Исроил ҲҲК самолётини уриб туширгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда ҳарбий манбага асосланган ҳолда РИА Новости хабар тарқатган.

Агентлик маълумотига кўра, исроилликларнинг 4 самолётидан биттаси уриб туширилган.

«Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимиз ҳудуд бу ҳаракатга жавоб қайтарди ва самолётлардан бири уриб туширилди. Бошқа самолётлар учиб кетди», -дейилган баёнотда.

Баёнотда айтилишича, Исроил авиациясининг нишони Сурия армиясининг Пальмирадаги объектлари бўлган.

Исроил телевидениесининг «Ўнинчи канал»и эса Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Сурия қуролли кучларининг С-200 зенит-ракета комплексидан ўққа тутилгани, бироқ улар нишонга тегмагани ҳақида хабар берган. 

«Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати учун мўлжалланган қуролли конвойга ҳужум уюштирди. Операция давомида самолётларга ҳаво мудофааси тизимлари ракеталаридан зарба берилди, бироқ уларга зарар етмади», — дейилган телеканал хабарида.