Тошкент шаҳрининг 115та чорраҳасига ўрнатилган камералар 2017 йил 15 мартидан қоидабузарликларни қайд этиб, улар бўйича жарималар солиш амалиёти жорий қилинди. 16 март куни Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган матбуот брифингида ушбу жараёнга доир айрим масалаларга ойдинлик киритилди.

Хусусан, камераларда тўхташ чизиқлари ноаниқ ёки яхши кўринмайдиган жойлардаги қоидабузарликлар қайд этилганда, уларнинг айримларига жарима ёзилмайди. Масалан, светофорнинг тақиқловчи чироғида чорраҳани кесиб ўтган ёки белгиланган тезликдан юқори тезликда ҳаракатланган транспорт воситалари эгаларига жарима солинади. Шу билан бирга, светофорнинг тақиқловчи чироғида тўхташ чизиғи олдида қоидага мувофиқ тўхтаб, аммо эътиборсизлик билан транспорт воситасини аста-секинлик билан ҳаракатлантириб, тўхташ чизиғини босган автомобиллар эгаларига ҳам светофорнинг тақиқловчи чироғида ўтганлик қоидабузарлиги бўйича жарима солинади. 

Бироқ, светофорнинг яшил чироғида тўхташ чизиғини босган, аммо тақиқловчи чироқ ёниб қолгани боис, чорраҳани кесиб ўтиш ҳаракатини давом эттира олмаган ҳайдовчиларга жарима солинмайди. Бунда улар пиёдалар ўтиш чизиғини босган ёки унинг устида тўхтаган бўлса, мазкур чизиқни олдинга ҳаракатланиш билан бўшатади ва светофорнинг яшил чироғини кутади. Мазкур ҳолат бўйича маъмурий баённома тузилмайди.