Андижон шаҳридаги деҳқон бозорларидан бири бузилиши оқибатида унинг ҳудудида савдо қилувчи тадбиркорлар азият чекиши, шунингдек, аҳолига ноқулайликлар туғилиши эҳтимоли пайдо бўлди. Бу «Кун.uz» сайти таҳририятига Андижон шаҳар 1-сон МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан келиб тушган мурожаатда баён қилинганди.

Мазкур мурожаатда шаҳарнинг 1- кичик даҳасида фаолият юритаётган «Янги бозор» деҳқон бозори  бузилаётгани, бундан бозорчада савдо қилаётган тадбиркорлар азият чекиши ҳамда аҳолига ноқулайлик туғилиши айтилганди.

Мурожаатдаги муаммоли ҳолатни ўрганиш мақсадида сайт мухбири Андижон шаҳар ҳокимлиги билан боғланди. Шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими  бошлиғи Қодиржон Шарипов юқоридаги  ариза бўйича саволларга қуйидагича жавоб берди: «Аҳоли томонидан кўтарилган муаммо ҳақиқатда мавжуд. Маълумки, Андижон шаҳрининг еттита кўчаси – Мангулик, Тошкент, Ломоносов, Муқимий, Лермонтов, Машраб ҳамда Фурқат кўчаларида ободонлаштириш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад шаҳримизни янада кўркам, обод кўринишга келтириб, замон талабидаги кўчалар, маъмурий ва маиший бинолар бунёд этишдан иборат. Шу муносабат билан Фурқат кўчасида жойлашган «Янги бозор» деҳқон бозори савдо шохобчаси ўрнида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида замонавий савдо мажмуаси қуриш режалаштирилган. Айни пайтда деҳқон бозорини бузиш ишлари бошлангани йўқ.

Ушбу шохобчада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан шаҳар ҳокими, архитектура ва кадастр хизматлари масъул ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, савдо шохобчасидаги турғун савдо дўконлари эгаларига компенсация  суммалари берилиши ҳамда тадбиркорлар ўз фаолиятини давом эттиришлари учун «Жаҳон Савдо Комплекси» АЖ буюм бозори ҳудудидан 6х6 метр. кв жой ажратиб берилиши режалаштирилган.  Расталарда сабзавот маҳсулотлари билан савдо қилувчиларга 500 метр масофадаги «Малика» МЧЖга қарашли бозор ва «Янги бозор» ҳудудидан жой ажратиб берилади».

Андижон шаҳри ҳокимининг маълумот беришича, ҳудудда замонавий шаҳарсозлик меъёрларидаги савдо мажмуаси қурилади.

Сабзавот расталари кўчирилиши режалаштирилган ўринлар