АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан сайловолди кампаниясида билдирилган, АҚШ флотини кейинги 30 йил ичида ҳозирги 275 та кемадан 350 та кемагача етказиш истагини рўёбга чиқариш учун камида 690 млрд доллар талаб қилинади. Шундай рақамларни АҚШ конгрессининг бюджет бошқармаси тақдим қилди. Ундан кўринишича, бу режалар тасдиқланса, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳар йил кемалар қуриш учун 23 млрд доллардан олади, бу эса охирги 30 йил ичида ҲДКга ажратилган маблағдан 60 фоиз кўпроқни ташкил қилади.

Бироқ мутахассислар АҚШ ҲДК молиялаштирилишининг бундай сезиларли миқдорда оширилишининг имконияти кам деб ҳисобламоқдалар. Бизнес вакилларининг айтишича, Трампнинг бу режасини амалга оширишдаги асосий муаммо маблағ эмас, балки  уни бажариш учун зарур одамлар ва техник имкониятларнинг йўқлиги ҳисобланади. Айни вақтда бозорда бу режани амалга ошириш учун етарлича ишчилар йўқ, кемасозлик верфлари ва уларнинг пудратчиларига ишлаб чиқаришни тегишлича ошириш учун йиллар керак бўлади.  

АҚШ ҳарбий флоти учун кемалар етказиб берувчи Newport News Shipbuilding компаниясида улар жорий йилда қўшимча 4 минг ишчи ёлламоқчи эканликлари маълум қилинди. Пентагон учун кемалар ясаб берувчи яна бир компания бўлган General Dynamics 2017 йилда қўшимча 2 минг кишини ишга олмоқчи. 

Трампнинг бу улкан режасини амалга ошириш янги мутахассисларни тайёрлашни талаб қилади, бунга эса кўп йиллар керак бўлади. АҚШда малакали пайвандчиларнинг йўқлиги кемасозликда талаб қилинадиган энг малакали пайвандчилар йилига 300 минг долларлаб ишлаб топишига олиб келган.

"Амалиётнинг кўрсатишича, тегишли малакадаги кемасозни ўқитиш учун камида 5 йил талаб этилади", деб айтмоқда General Dynamics Electric Boat компанияси вице-президенти Маура Данн. Унинг айтишича, юқори малакали пайвандчини тайёрлаш учун эса янада кўпроқ вақт – 7 йил керак бўлади.