Марказий банк ва Ўзбекистон банклар ассоциацияси банклараро чакана тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда «сўм» пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари учун амалдаги тарифлар режасига айрим ўзгариш ва қўшимчалар киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизмати сайтида хабар берилган.

15 мартдан кучга кирган тариф режасига кўра, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўлов терминаллари учун тўлайдиган ижара ҳақи 50 фоизга қисқартирилди. Эндиликда юридик шахсларга ўзлари фойдаланаётган тўлов терминаллари учун ижара ҳақи 5 еврогача, якка тартибдаги тадбиркорларга эса 2,5 еврогача этиб белгиланди.

Илгари тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларнинг пластик карточкалари ҳисобварағидаги қолдиқ маблағларга ҳисобланадиган фоизлар Республика Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси (9%) дан кам бўлмаган миқдорда белгиланган эди. Янги тартибга кўра, пластик карточкадаги қолдиқ маблағларни капиталлаштириш тижорат банклари билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Қайд этиш лозимки, тижорат банклари томонидан пластик карточкалардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирги пайтда жисмоний шахсларга пластик карточкалар орқали қисқа муддатли истеъмол кредитлари беришни (overdraft) йўлга қўйиш бўйича тартиб ишлаб чиқилмоқда. Бу кредитларга фоиз ставкаларини ҳар бир тижорат банки ўзининг ички кредит сиёсатидан келиб чиқиб, шартнома асосида белгилайди.

Тижорат банклари савдо-сервис ташкилотлари билан биргаликда пластик карточкалардан фойдаланувчиларнинг уларни ишлатишдан манфаатдорлигини оширишга йўналтирилган турли хил бонус, дисконт ва рағбатлантирувчи дастурларни татбиқ этиш амалиётини кенгайтириш борасидаги ишлари изчил давом эттириб борилади.