Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушма Сваражга мактуб йўллади. 

“Сиз ва бутун ҳинд халқини муҳим юбилей сана – Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги билан чин дилдан табриклашдан мамнунман”, - дейилади мактубда.

Комиловнинг қайд этишича, 25 йил давомида томонларнинг изчил саъй-ҳаракатлари натижасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

“Жорий йилнинг 23-март куни Нью-Деҳли шаҳрида ташқи ишлар вазирликлари ўртасида бўлиб ўтадиган сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди икки давлат ҳамкорлигига қўшимча туртки беришига ҳамда узоқ муддатли Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шерикчилигининг янги йўналишларини белгилаб олишга имкон беришига қатъий ишонч билдираман”, - дейилади мактубда.

Абдулазиз Комилов Сушма Сваражга мустаҳкам соғлик, бахт ва давлат лавозимидаги фаолиятига улкан зафарлар тилаган.