Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармасида “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси билан ҳамкорликда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида пойтахтимизда фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун навбатдаги очиқ мулоқот ташкил қилинди.

Халқ ва тадбиркорлик субъектлари билан мулоқотни самарали ва тизимли равишда ташкил этиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати ходимларининг жойларга чиқиб, учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ўтказиш жадвали тасдиқлаган. Айни шу жадвалга биноан ташкил қилинган учрашув ҳам очиқ ва конструктив руҳда бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган, яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясидаги мақсад ва вазифаларни амалга ошириш барча учун юксак масъулият юклаши таъкидланди. 

Учрашувда божхона соҳасида қабул қилинган сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кўргазмали тарзда батафсил ахборотлар берилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-418-сон Қонуни муҳокамалар марказида бўлди.

Ушбу қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган-ки, уларнинг барчаси тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб бермоқда.

Хусусан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан эндиликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаб, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминласа ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирса жавобгарликдан тўлиқ озод этилади.

Тадбирда “Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом”га киритилган ўзгартиришлар,  яқинда тасдиқланган  божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидалари ҳақида ҳам тушунтиришлар бериб ўтилди.

Очиқ мулоқот якунида тадбиркорлар божхона соҳасида мавжуд қулайликлар ва енгилликлар, божхона тўловларидан имтиёзлар қўллаш каби масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга бевосита мутахассислардан батафсил жавоблар олишди. 

Айрим муаммоли масалаларни эса шу ернинг ўзида ҳал қилиш учун мутассади ходимларга тегишли топшириқлар берилди.

Тасдиқланган режага кўра бу каби очиқ мулоқотлар ҳар ойда ташкил қилинади.