Давлат божхона қўмитасида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда қўмита Марказий аппарати шахсий таркиби, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри божхона бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Олий ҳарбий божхона институти, Миллий кинология маркази вакиллари, божхона фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Баҳорий куйлар садоси остида бошланган тадбирни очар экан, Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Тохирий Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 февралдаги "2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йил байрам ўзгача руҳ ва кайфиятда нишонланмоқда. Хусусан Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайилларига қизғин тараддуд кўрилмоқда.

Қарорда қайд этилганидек, азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Бугунги кунда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари  авваламбор халқимизнинг тинчлиги, осойишталиги ва юрт фаровонлигига қаратилган.

Бу борада давлат божхона хизмати органлари ходимлари ҳам юртимизнинг иқтисодий барқарорлиги ва тинчлиги йўлида самарали хизмат қилиб, ижобий кўрсаткичларга эришмоқда.

Тадбирда байрам муносабати билан қўмита буйруғига биноан тизимда ўрнак кўрсатиб хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимлар, шунингдек, божхона фахрийлари рағбатлантирилди. Тадбир давомида мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.