Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Европада яшовчи туркияликларни беш нафар фарзанд кўришга чақирди, деб хабар бермоқда Hurriyet.

Таъкидланишича, бу Туркияда тўғри деб ҳисобланадиган рақамдан иккитага кўпроқ дегани. Президент сўзларига кўра, турклар “Европанинг келажаги” бўлиб, шунинг учун улар Европа минтақасида ўз сонини кўпайтириши керак экан.

“Мен Европадаги фуқароларимиз, ўз ака-ука ва опа-сингилларимга учта эмас, балки бешта фарзандга эга бўлинг дейман”, - деди у.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Европа эндиликда уларнинг ватани ва улар ўша ерда ривожланиши керак. “Бизнес-лойиҳалар очинг, фарзандларингизни энг яхши мактабларга беринг, оилангиз энг яхши туманда яшаши учун ҳаракат қилинг, энг яхши машиналарни ҳайданг ва энг гўзал уйларда истиқомат қилинг”, - дея қўшимча қилди президент.

Туркия президентининг аниқлик киритишича, буларнинг бари турклар “Европанинг келажаги” бўлгани учун қилиниши керак. “Бу уларнинг сизга нисбатан адолатсиз муносабатига энг яхши жавоб бўлади”, - дея таъкидлаб ўтди Эрдўған.

Маълумот учун, Эрдўған Европа мамлакатлари, жумладан Германия ва Нидерландия билан, бу давлатларда Туркиянинг бир неча сиёсий акциялари бекор қилингач, дипломатик можарога киришди. Туркия раҳбари шу сабабдан Европа давлатларини “нацистлар” ва “фашистлар” эканида айблади.