Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған конституцияга тузатишлар киритиш бўйича референдум ўтганидан сўнг мамлакат парламентидан ўлим жазоси тикланишини кутмоқда. Бу ҳақда Agence France-Presse хабар берди.

"Азоб-уқубат тортганлар оиласи, бизнинг қаҳрамонларимиз оиласи хавотир олмаса ҳам бўлади. Ишонаманки, парламент сизнинг ўлим жазоси борасидаги талабларингиз учун керакли барча хатти-ҳаракатни 16 апрелдан сўнг амалга оширади", - дея Эрдўғаннинг сўзларини келтиради агентлик. Президентнинг қўшимча қилишича, у қонунни “ҳеч иккиланишсиз” маъқуллайди.

Туркия жамоатчилигининг бир қисми ўлим жазосини ўтган йилнинг 16 июль кунги ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг қайтаришни талаб қила бошлади.