Эроннинг собиқ президенти Али Акбар Ҳошими Рафсанжонийнинг қизи Фаёза Ҳошими ҳукуматга қарши ташвиқоти учун иккинчи марта озодликдан маҳрам этилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

Фаёза 2012 йилда 6 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинганди. Бундан ташқари унга Эроннинг сиёсий ва маданий ҳаётида иштирок этишга ҳамда "ОАВда фаоллик намоён қилишга" 5 йиллик тақиқлов қўйилганди. 

"Фаёза Ҳошими суд ва қўриқлаш тизими ҳақидаги танқидий танбеҳлари учун яна 6 ойлик қамоқ жазоси олди", деб маълум қилинди хабарда.

Али Акбар Ҳошими Рафсанжоний Эронни 1989 йилдан 1997 йилгача бошқарган. 2005 йилда у яна бир маротаба президентлик учун курашган, бироқ ўзининг рақиби Маҳмуд Аҳмадинажодга имкониятни бой берган. Рафсанжоний маълум вақт Эроннинг амалдаги ҳукуматига тавсиялар берувчи давлат органи ҳисобланган Қабул қилинаётган қарорларнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича кенгашга бошчилик қилган, бироқ 2011 йилда у бу лавозимидан маҳрум бўлган.