Таниш-билиш, нотанишларни “Ака мухбирсиз, нега терма ҳақида танқидий мақола ёзмайсиз?” - деган гаплари юракни сиқади. “Э-э, ошна футболимизни танқид қилмаган ким қолди ўзи?” деб саволига, савол билан жавоб қайтаргинг келади-ю... Ростдан ҳам бу қурмагур ўзбек футболи мухлис, журналист, ёзувчиларни истаган пайтида кесак отадиган жойига айланган. 

Атоқли ёзувчимиз уларни қўшга солиб далага ҳайдаш керак дейди, қизиқчиларимизнику қўяверинг... Ҳозирда, ҳар қандай кулгу кечаси дастурини санъаткорлар таъбири билан айтганда “энг ейдиган жойи” футбол мавзуси бўлиб қолган.

Баъзида “Танқид келажак меваси” деган ҳикмат футболга тўғри келмас экан, деб ўйлаб қоламан. Бўлмаса, сўнгги йигирма йил давомида ўша миллионлар ўйини вакилларига берилган дакки, дашномларга бодринг ҳам қизариб кетган бўлармиди. Футболимизни “миллионлар ўйини” деган жойига ҳам алоҳида урғу бериб қўйиш керак! Воҳа, водийда стадионларга ҳартугул ишқибоз кириб турибди. Айрим жойларда миллионлар ўйини аллақачон “юзлар ўйини” мақомида. 

Стадионга мухлис кирмаса, лотереяга “Дамас” қўйиш керакми? Озгина фаросати бор қизиқчига бу ғоя - тайёр масаллиқ, билсангиз. Автомашина ютмоқчи бўлган кишига футболда бало борми? Ўзи шунақа тинмай турли лотереялар ўйнаб турадиган инсонлар бўлади. Уларни сони ҳам жуда кўп эмас. Чипта олиб майдонга киради, сўнг танаффусда лотерея ўйналгач, “ашаддий мухлис” уйига равона бўлади.  

Ўйна, ют, ютқаз! Агар чемпион бўлиб, юртда зўр саналсанг кучингни ОЧЛда кўрсат! Номлари бир-бирига ўхшайдиган араб клублари дарвозасига голлар ёғдир. Стадионингга мухлислар ёғилиб келмаса, мен кафил!   

Маҳалламизнинг кенгроқ жойида футбол ўйнаётган болажонларни кузатдим. Улар беш нафардан иборат бешта жамоа тузишиб, гуруҳига ном ҳам қўйиб олар экан. Бири “Реал” яна бири “Барселона”, “Челси”, “Атлетико” ва ҳоказо... Кичкинтойларни “Майли, бу сафар “Челси” бўлдик, кейинги сафар биз “Реал” бўламиз” дегани ортиқча. Футболкалари орқасида ҳам ажнабий ўйинчиларнинг номи. Қараб туриб, хўрлигинг келади. Умуман олганда бизда номини ҳавас қиладиган клуб, елкасига исмини ёздирадиган футболчининг ўзи йўқ.

Нима ҳам дердик. Журналистлар жон куйдириб танқидий мақолалар ёзаверади, ёзувчиларимиз киноя, қизиқчиларимиз аския қилади. Йигирма йиллик амалиёт. Минг войланг, футболимиз чўққисида турганларга нолангиз етиб бормайди. Сувни сингадиган жойга сепиш керак. Болажонларимиз фақат чет эл футболига кўнгил қўйиб ўсаётгани эса жуда аламли ҳол.   

Гапни ичакдек  чўзгандан кўра, индаллога ўтган маъқул. Қалам аҳлига мурожаат: Футболимизни танқид қилманг, фойдаси йўқ! 

Элмурод Эрматов, Андижон