Хитой ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Ван И Хитойда бўлиб турган АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон билан учрашувда КХДР билан олти томонлама музокараларни тиклашга чақирди ҳамда Корея ярим ороли муаммосининг туб моҳияти Вашингтон ва Пхеньяннинг зиддиятига алоқадорлигини айтиб ўтди.

"Шуни таъкидлаб ўтишни истардимки, БМТнинг КХДР бўйича барча резолюцияларининг ҳар бири қаттиқ санкцияларни кўзда тутганига қарамай, улар шунингдек ярим оролда барқарорликни таъминлаш ва вазият кескинлашишини камайтириш учун олти томонлама музокаралар тикланиши учун шароитлар яратишга ҳам қаратилган. Бу барча мамлакатларнинг санкцияларни бажариши ҳамда шу билан бирга, музокараларни тиклаш бўйича мажбурияти", - дея маълум қилди Ван И Тиллерсон билан музокаралар якуни бўйича ташкил этилган матбуот анжуманида.

Унинг таъкидлашича, Корея ярим оролидаги ҳозирги вазият олти томонлама музокаралар тўхтатилгани оқибатида юзага келган. "Биз вазият янада кескинлашишига имкон беришимиз мумкин, бу якунда можарога олиб келади, ёки биз БМТ ХК резолюциялари ҳолатларини қатъий равишда амалга оширишимиз ҳамда мулоқотнинг тикланиши услубларини излашимиз мумкин", - дея маълум қилди Ван И.

Хитойлик вазирнинг таъкидлашича, Корея ярим ороли муаммосининг туб моҳияти КХДР ва АҚШ ўртасидаги зиддиятга алоқадор, Хитой эса муаммони ҳал қилиш учун “жуда катта ҳисса” қўшди.

"Умид қиламизки, барча томонлар, жумладан бизнинг америкалик дўстларимиз вазиятга совуққонлик билан ёндашадилар ҳамда ақлли қарор қабул қилишади. Биз ўз таклифимизни билдирдик ва умид қиламизки, уни батафсил ўрганиб чиқишади", - деди Ван И.

Шунингдек у Хитой томони Америка билан бу муаммо бўйича қалин алоқаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.