Хорватия президенти Колинда Грабар-Китарович Загреб яқинидаги ҳарбий-ҳаво кучлари базасига ташриф буюриб, Украинадан харид қилиниб, у ерда таъмирланган МиГ-21 қирувчи самолётларининг ҳолати билан танишди. Бу ҳақда президент маҳкамаси маълум қилди.

"Президент ва олий бош қўмондон учувчилар билан суҳбатлашиб, жорий ҳолат билан танишгандан сўнг МиГ-21 самолётларининг ҳолатидан ташвишга тушди. Президент Хорватия ҳарбий-ҳаво кучлари жанговар ҳолати ва қўйилган топшириқларни бажаришининг асоси сифатида самолётларнинг ишончли бўлиши муҳимлигини таъкидлаб ўтди", дейилмоқда хабарда.

Президент "моддий захираларни модернизация қилишга" ва 2017 йилда янги ҳарбий самолётларни харид қилишга ваъда берди. Грабар-Китарович шунингдек учувчиларга ватанни ҳимоя қилишдаги хизматлари учун миннатдорчилик билдирган. 

Март бошида Хорватия бош штаби генерали Мирко Шундов ҳисобда турган 12 та МиГ-21’дан 8 таси техник носоз ҳолатда эканлигини маълум қилган. Самолётлар билан муаммолар улар 2015 йилда Украинадан харид қилиниши биланоқ бошланган.