Канада чегара хизматлари бошқармаси (CBSA) 2017 йил бошидан рекорд даражадаги мексикаликларни қўлга олди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги.

Статистика маълумотларига кўра, шу йилнинг илк 67 куни мобайнида (1 январдан 8 мартгача) канадалик чегарачилар 444 нафар мексикаликни қўлга олган. Ўтган йили йил давомида жами 410 нафар мексикалик қўлга олингани эътиборга олинса, ҳолат кескин ўзгарганини англаш қийин эмас. 

Агентлик муҳожирлар оқимининг кучайишини 2016 йил декабрида Канада ва Мексика ўртасида виза тартибининг бекор қилиниши билан изоҳламоқда. АҚШда муҳожирлик тартибларининг кучайтирилиши ҳам бунга таъсирини кўрсатган. 

CBSA ходимлари жамият учун хавфли деб ҳисоблаган, шахси аниқланмаган, аввалроқ мамлакатдан чиқариб юборилган ёки суд иши очилган кишиларни ушлаши мумкин. 

Мамлакат фуқаролик ва миграция масалалари бўйича вазири Аҳмад Ҳусан чегарадаги вазият назорат остида эканини таъкидлаган.