Германия канцлери Ангела Меркель Германия ҳам НАТОга тўлайдиган бадаллар миқдорини ошириши кераклигини айтди.

У бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп билан Оқ уйдаги учрашув натижаларига бағишланган матбуот-анжуманда айтди. Матбуот-анжуманни C-SPAN телеканали жонли намойиш қилган

"Германия ҳам НАТОга тўлайдиган бадаллар миқдорини ошириши лозим", деб айтган Меркель.

Канцлернинг айтишича, Германия 2016 йилда мудофаа учун харажатларини 8 фоизга оширган.

"Биз Афғонистонда давом этаётган миссия ҳақида гаплаша олдик ва мен АҚШ ўз миссиясини давом эттирмоқчилиги ҳамда террорчиликка қарши курашмоқчилигини билганимдан хурсандман", деб қўшимча қилди Меркель.

Меркель февралда Германия НАТО олдидаги мажбуриятларини бажариши ва альянснинг мудофаа бюджетига катта улуш қўшиши кераклигини айтганди.

НАТО давлатларига альянснинг мудофаа бюджетига ўз ялпи ички маҳсулотларидан 2 фоиз миқдорда бадал тўлаш тавсия қилинган.