Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қирғизистон билан чегара 2010 йилда нега ёпилганига изоҳ берди. Бу ҳақда «Казинформ» хабар тарқатди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2010 йилда ҳақиқатдан ҳам чегара ёпилганди. «Келажакда яна шундай вазият кузатилса, биз яна чегарани ёпамиз. Қайси давлат бундай ҳолатда чегарани ёпмайди? Бугун Туркия ҳам чегараларни ёпмоқда, ўшанда эса Қирғизистон билан чегарани Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам ёпди, шунинг учун бунда айбдорлар йўқ, ҳаммасига бу давлатдаги ҳолат айбдор эди», - дея аниқлик киритди у.

Қозоғистон президентининг айтишича, қирғиз ва қозоқлар биродар халқлар бўлиб, буни қўллаб-қувватламайдиганлар йўқ. «Биз қўшни давлатлармиз. Президентлар ва давлат раҳбарлари кетади, халқларимиз эса қолади, шунинг учун ҳозирда бунга катта эътибор қаратиш керак эмас. Уларда ҳозирда сайловлар ўтмоқда, ҳаммаси ўзгармоқда, бундай ҳолатда шундай вазиятлар бўлиб туради», - дея айтиб ўтди Нурсултон Назарбоев ОАВ вакилларига берган интервьюсида.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Euronews телеканалига берган интервьюсида журналистнинг «Сиз бу иттифоқ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) кўпроқ Россия манфаатларига хизмат қилади деб ҳисобламайсизми?» деган саволига жавоб қайтарар экан, шундай деди: «Ким биландир савдо қилиш керак, биз қўшнилар билан қандайдир ишлашимиз керак. Агарда Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирмаганимизда, бизга қамал (блокада) таҳдид қилаётганди. 2010 йилда, Қозоғистон бизга бир ярим ойлик қамал ташкил қилиб берганида, бизда ҳаттоки инсонлар қурбон бўлган. Бу рўй берди, шунинг учун қамал – бу ёмон нарса».

Эслатиб ўтамиз, кейинчалик икки давлат ташқи сиёсат идоралари дипломатик ноталар билан алишишганди.