АҚШ мудофаа вазирлиги ИШИД террорчилик гуруҳига қарши кураш стратегиясини ишлаб чиқди ва уни президент Дональд Трампга тақдим этган. Аммо, янги экани уқдирилган тавсиялар Барак Обамага берилган дастурдан деярли фарқ қилмайди. Бу ҳақда NBC телеканали Пентагондаги юқори лавозимли мулозимга асосланган ҳолда хабар қилмоқда. 

Янги режада жангариларга ҳаво зарбалари бериш, Мўсул ва Раққадаги амалиётларни ўтказаётган маҳаллий кучларга ёрдам бериш, террорчилардан озод қилинган минтақаларни барқарорлаштириш ва террорчиларни молиявий манбаларидан маҳрум этиш бўйича чоралар кўриш назарда тутилган. 

Телеканал суҳбатдошининг айтишича, юқоридаги чоралар террорчиларни йўқ қилишга кифоя қилмайди. Трамп эса сайловолди кампанияси чоғида ИШИД устидан тўлиқ ва тезда ғалаба қозонишга ваъда берган эди. У, шунингдек, Обама маъмуриятини сусткашлик ва ўртача иш олиб борганликда айблаганди. 

"ИШИДни йўқ қилишга қаратилган режа "Б режаси, А режасига қатъий риоя қиламиз, аммо жиддийроқ уринамиз", деган мақолга ўхшайди", — деган НАТОнинг Европадаги бирлашган кучларининг собиқ қўмондони, истеъфодаги адмирал Жеймс Ставридис. Унинг фикрича, президент ҳужжатни қайта ишлашга юборишни хоҳлаши даргумон.