Россиялик тадбиркорлар АҚШ президенти Дональд Трампга тегишли бўлган нуфузли турар-жой мажмуасида 98,4 млн евролик кўчмас мулкни харид қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, гап Флорида штатидаги еттита осмонўпар бинодаги турли кўчмас мулк турлари ҳақида бормоқда. Кўрсатилган келишувлар ҳаммаси бўлиб 63 киши томонидан расмийлаштирилган, улар, агентлик аниқлик киритишича, Россия фуқаролари ёки Россия ҳудудида истиқомат қилади. 

Таъкидланишича, маълумот агентлик журналистлари томонидан ўтказилган суриштирувлар натижасида олинган.

Шу билан бирга, агентлик кўчмас мулклар эркин савдода бўлгани ҳамда россиялик тадбиркорлар ҳеч қандай қонунларни бузмаганликларини таъкидлаб ўтган. Қайд этилишича, бу турар-жойларга эгалик қилувчи россияликлар мамлакат раҳбарияти билан тўғридан-тўғри боғлиқ эмас.

Trump Organization бош ҳуқуқшуноси Алан Гартен ушбу ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди. "Шуни аниқ айтишим мумкинки, бу воқеага ОАВ томонидан жуда катта эътибор қаратилиб юборилди", - деди у.

Оқ уй агентлик томонидан тарқатилган бу маълумотларга ҳеч қандай изоҳ бермади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Россия билан иш соҳасида ҳеч қандай алоқаларга эга эмаслигини бир неча бора маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, Россияда бизнес билан шуғулланмайди ҳамда бу давлат банкларидан кредитлар олмаган.