Россия Япония билан бирга Жанубий Курил оролларида қўшма лойиҳаларни тайёрлади, деб хабар қилмоқда РИА Новости агентлиги. Бу ҳақда Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Игорь Моргулов маълум қилган.

«Жанубий Курилларнинг иқтисодий ривожланиши учун долзарб бўлган таклифлар тўплами шакллантирилди. Улар кенг қамровли қўшма лойиҳаларни акс эттиради. Албатта, биз бу лойиҳаларга Россия қонунчилиги доирасида амалга оширилиши нуқтаи назаридан ёндашамиз», — деган Моргулов. 

Аввалроқ, 18 март куни Россия ва Япония ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари Игорь Моргулов ва Такэо Акиба ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувда япон томони Россияга Жанубий Курил оролларини биргаликда тадқиқ қилиш таклифини билдириши маълум бўлганди. Унда минтақада қўшма иқтисодий фаолият олиб бориш режасига аниқлик киритилади.