Шотландия мустақилликка эришгач, ўз ҳудудидаги исталган ядровий объектдан воз кечмоқчи. Бу ҳақда Буюк Британия парламентида Шотландия миллий партиясидан депутат Роджер Маллин маълум қилган. 

"Бизнингча, Шотландияда қандайдир ядровий объектлар жойлаштириладиган ер бўлмаслиги керак. Биз Шотландиядан Trident ракета тизимларини олиб чиқмоқчимиз. Биз ядровий қуролдан воз кечишни доимо қўллаб-қувватлаганимизга қарамасдан, Буюк Британиянинг ядро қуроли асосан Шотландияда мужассамланган", деб айтган Маллин.

"Мустақил давлат сифатида қуролланишида оммавий қирғин қуроли бўлмаган ўз армиямиз бўлишини истаймиз. Биз бу армия тажовузкор мақсадлар учун эмас, балки гуманитар йўлда хизмат қилишини истардик", деб айтган Маллин.  

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй 3 март куни Шотландиянинг ғарбий соҳилида жойлашган "Клайд" ҳарбий-денгиз базаси 2020 йил охиригача Буюк Британиянинг барча сув ости кемалари учун "уй" бўлиб қолишини айтган. Шотландия миллий партияси Британиянинг ядровий жанговар каллак ташишга қодир бўлган "Трайдент" ракеталарига эга атом сув ости кемаларининг янгиланиши бўйича қимматбаҳо дастурига қарши чиқмоқда. Партия мамлакат ядровий қалқонини сақлаб қолишдан маъно йўқлигини ва уни пулларни бекорга ишлатиш деб ҳисоблашини айтган.

Шотландия бош вазири ва Шотландия миллий партияси етакчиси Никола Стержен мустақиллик бўйича янги референдум 2018 йил кузи ва 2019 йил баҳори орасидаги даврда ўтказилиши кераклигини айтган.