Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга, шу жумладан, Шуманай туманига ташрифи чоғида якка тадбиркор Сейдабулла Медетов билан учрашиб, унинг китоб дўконини очиш бўйича ғояларини қўллаб-қувватлаганди, деб хабар бермоқда Kruz.uz.

Нашрнинг қайд этишича, 2011 йилдан буён якка тадбиркор сифатида фотостудия ташкил қилиб, аҳолига хизмат кўрсатган 28 ёшли Медетов кейинчалик канцелярия буюмлари савдоси билан шуғулланиб келаётганди.

- Президентимизга дилимдаги сўзларни айтиш имконига эга бўлганим ва Юртбошимизнинг самимий сўзлари менга маънавий куч бағишлаб, мени янгидан-янги мақсадлар сари руҳлантириб юборди, - дейди у. - Чунки туманимиз ёшлари номидан шахсий китоб дўконимни барпо этиш ниятимни айтганимда, Президентимиз мени қўллаб-қувватлаб, икки қаватли китоб дўконини барпо этишим учун 500 миллион сўм маблағ ажратишда ёрдам кўрсатишини айтди. Мендек оддий қишлоқ йигитига кўрсатган бундай юксак ғамхўрлиги ва эътибори учун туманимизнинг барча ёшу-қариси ҳамда давлатимиз раҳбаридан миннатдор эканимни баралла айтгим келади.

Хабарда айтилишича, қисқа вақт ичида 500 миллион сўм маблағ якка тадбиркорнинг ҳисобига туширилди ва туман марказидан «Шуманай китоб олами» китоб дўкони учун ер майдони ажратилди. Бугунги кунда дўконнинг деворларини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.