“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури доирасида Uzmobile миллий оператори Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Электрон ҳукумати” тизимини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда Uzmobile абонентларига интернет тармоғида Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz), Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz), Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали (gov.uz), шунингдек барча давлат органлари сайтларидан бепул уланиш имкониятини яратди.

Аҳолини мазкур қулайликлардан кенг хабардор қилиш мақсадида, 2017 йилнинг 18 март кун жамоатчилик вакиллари учун брифинг ташкил этилди.

Қайд этилишича, 2017 йилда аҳоли турмуш тарзини қулай бўлишига хизмат қиладиган 50 дан зиёд муҳим хизматлар интерактив шаклга ўтказилиши режалаштирилган. Тадбиркорлар учун экспорт-импортга рухсат берувчи жараёнлар электронлаштирилади. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг март ойи ҳолатига кўра, Ягона порталга 308 турдаги интерактив хизмат жорий қилинган. Февраль ойи ҳолатида портал орқали давлат идораларига қилинган мурожаатлар сони 1 миллион маротабадан ошган. Шунингдек, қайд этилишича, бугунги кунга келиб 2400 дан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг тизимидаги муассасалар портал орқали электрон хизмат кўрсатмоқда.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастуриги мақсад-вазифаларни амалга ошириш, жумладан аҳолининг давлат идоралари интерактив хизматларидан самарали фойдаланишини таъминлаш мақсадида, Uzmobile миллий операторининг абонентларига яратиб берган ҳукумат порталлари ва барча давлат сайтлари, шунингдек Коммунал хизматлар портали (e-kommunal.uz), Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz), Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш портали (regulation.gov.uz)дан бепул интернет асосида фойдаланиш қулайлиги фуқаролар ва ҳукумат, давлат идоралари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.