Германиянинг Siemens концерни эътиборини швециялик талабалар гуруҳи томонидан яратилган кичик стартап Uniti Sweden тортди. Бу стартап шаҳар учун арзон электромобиллар ишлаб чиқаришга қарор қилган ва бу мақсадда краудфандинг орқали ярим миллион доллар йиға олди. Gadgets Now сайтининг маълум қилишича, Siemens ва Uniti Sweden битим тузишган ва унинг доирасида кейинги йил бошида ўзларининг шаҳар учун мўлжалланган электрокарларини намойиш қилишмоқчи.

Машина композит материаллардан ясалади, унинг оғирлиги 400 кг ча келади. Унинг тўлиқ қувватланган аккумулятори 130 км/соат максимал тезлик билан тахминан 150 км га етади. Машина яратувчилари анъанавий рулни Nintendo Wii ўйин приставкасининг жойстигини эслатувчи инновацион қурилма билан алмаштиришмоқчи. 

Машина оммавий равишда 2019 йилдан ишлаб чиқарилмоқчи. Муҳандисларнинг айтишича, автомобиль замонавий экологик автомобилларга қўйиладиган барча талабларга мос келади. Машина бундай машиналар учун анча арзон туради, унинг нархи 22 минг долларни ташкил қилади. Ваҳоланки, бозорга чиқишга тайёргарлик кўраётган замонавий Chevrolet Bolt ва Tesla Model 3 электромобиллари 1,5 баробар қимматроқ туради. Шунинг учун стартап харидорларни арзон нарх билан жалб қилмоқчи.