18 март куни Тошкент шаҳрида Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA шафелигида ташкил этилган The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс сериялари еттинчи мавсуми доирасида "Uzbek Tigers" - "China Dragons" жамоалари ўртасида тўртинчи тур учрашуви ўтказилади.

Бугунги учрашув ҳар икки жамоа вакиллари учун ўта муҳим ҳисобланади. Чунки "С" гуруҳидан ўрин олган тўрт жамоанинг барчаси плей-офф босқичига чиқиш имкониятига эга.

"Uzbek Tigers" - "China Dragons" учрашуви олдидан Sports.uz мухбири рингга чиқадиган боксчилардан уч нафари - Ўзбекистон чемпионатлари совриндори Аброржон Қодиров, Олимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби Бектемир Мелиқўзиев ва жаҳон чемпионати совриндори Баҳодир Жалолов билан суҳбатлашди.

Аброржон Қодировнинг айтишича, рақиби кучли ва тажрибали боксчи. Йонг Чанг ўз вақтида Осиё чемпиони бўлган. “Мен аввал бу боксчи билан рингда тўқнаш келмаганман. Лекин машғулотлар жараёнида унинг жангларини томоша қилдик. Устозларим унинг жанг услубини таҳлил қилиб беришди ва тайёргарлик жараёнида буни инобатга олиб ишладик. Албатта, рақибим ҳам мени ўрганишга ҳаракат қилгани аниқ. У ҳам бу жангга тайёрланган. Ғалаба кимга насиб этиши эртага ринг кўрсатади. Лекин "Uzbek Tigers" боксчилари эртага ҳам фақат ғалаба учун жанг қилади”, - дея айтиб ўтди Қодиров.

Бектемир Мелиқўзиев эса бугун фақат ғалабани кўзлаб рингга чиқишини айтди. “Биринчи иккита учрашувда кутилмаганда мағлубиятга учрадик. Ўша жанглардан тўғри хулоса чиқардик. Камчиликларимиз устида жуда кўп ишладик. Бу меҳнатларимиз самара беряпти ва биз гуруҳдаги вазиятни ўнглаяпмиз. "Uzbek Tigers" аҳил жамоа, муҳит аъло даражада, тайёргарлигимиз пухта ва энг муҳими, боксчиларимизда ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қилиш иштиёқи кучли. Ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ҳар қандай рақибни енгишимиз шарт”, - дейди Мелиқўзиев.

Жаҳон чемпионати совриндори Баҳодир Жалолов эса WSB турнирида кучсиз жамоанинг ўзи бўлмаслигини айтиб ўтган. “Ҳар бир рақиб ўзига хос кучга, тажрибага ва маҳоратга эга. Албатта, "Uzbek Tigers" боксчилари ҳам имкон қадар кўпроқ ғалаба қозониб, мухлислар ишончини оқлаш учун жанг қилади. Ҳар бир учрашувга алоҳида тактика асосида ҳозирлик кўрилади. "China Dragons" жамоаси ҳам кучли боксчилардан таркиб топган. Мен ҳам рақибимни ўрганиб, шунга яраша тайёргарлик кўрдим. Насиб қилса, эртага "Uzbek Tigers" мухлислик қилаётган ва бизни қўллаб-қувватлаш учун келадиган ҳамюртларимиз ишончини оқлаймиз”, - деди Жалолов.