Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида Вазирлар Маҳкамасининг “2017 йилда диний вазиятни янада соғломлаштириш, конфессиялар ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастури” ижросига бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди.  

Тадбирда ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришнинг долзарб масалалари ва  бир қатор муаммоли вазиятлар муҳокама қилинди.

Жиззах вилоят хокимлиги жамоат ва диний ташкилотлари билан алоқалар котибияти томонидан ўтказилган мазкур учрашувда вилоят  ҳокимлиги,  хотин  қизлар қўмитаси вакиллари, вояга етмаганлар билан  ишлаш  комиссия аъзолари, маҳалла  фаоллари,  депутатлар, ўқитувчилар,  давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашдилар.

Ёшлар  ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг содир этилишида асосан йигит-қизларнинг назоратсиз қолиши, оила, маҳалла, таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги катта камчиликлардан бири саналади. Бунинг натижасида назоратсиз ёшлар турли хил иллатлар домига тушиб қолмоқдалар.

Диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшларни оилалари билан ўтказилган учрашувда уларни бу йўлдан қайтариш мақсадида тушунчалар берилди.

Шунингдек, учрашув ташкил этилган жойда диний экстремистик оқимларнинг иллатлари акс этган фотокўргазма  ўтказилиб, тумандаги коллеж битирувчиларига ҳомийларнинг тикув машинлари тақдим этилди.