АҚШ ва Мексика чегарасида девор қуришга 200 компания қизиқиш билдирди

Жаҳон 19 Март 2017 4277

АҚШ президенти Дональд Трамп Мексика чегарасида девор қуришга 200 компания қизиқиш билдираётганини айтди. 

"Бизда девор қуриш бўйича танловда 200 иштирокчи бор. Фикримча, биз аъло даражадаги нархлар ва лойиҳани оламиз", деб айтган Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида. 

Аввалроқ АҚШ чегара-божхона хизмати ўз сайтида Мексика билан чегарада девор қуришда иштирок этишни истовчи хусусий компаниялар учун танлов ҳужжатларини чоп этганди.

"Деворнинг баландлиги 18 футдан пастроқ (5,5 метр) бўлган лойиҳалар номақбул ҳисобланади", дейилган ҳужжатларда. Девор мукаммал кўринишда 30 фут (9 метрдан кўпроқ) баландликка эга бўлиши керак. Бундан ташқари, девор "салобатли кўринишга эга бўлиши " ва АҚШ томондан "кўзга ёқимли рангга бўялиши" лозим. 

Деворнинг мустаҳкамлиги шундай бўлиши керакки, унда 12 дюймдан (30,5 сантимтердан) энлироқ тешик очиш учун камида бир соат вақт кетиши керак. Таъкидланишича, девор бир соат ичида кувалда, кирка, искана, автомобиль домкрати ва қўл автогени каби асбоблар билан таъсир қилишга бардошли бўлиши керак. 

Девор кўрсаткичлари ундан ошиб ўтиш ёки остидан туннел қазишга йўл бермаслиги лозим.

Дональд Трамп сайловолди кампаниясида ноқонуний миграциянинг олдини олиш учун Мексика билан чегарада девор қуришга ваъда берганди. Унинг фикрича, деворни қуриш учун Мексика ҳақ тўлаши лозим, бироқ Мексика ҳеч қачон буни қилмаслигини айтган. 

Ҳозирча девор қурилиши америкалик солиқ тўловчилар ҳисобидан амалга оширилади: 2017 йилда унинг қурилишига 1,5 млрд доллар ажратиш режалаштирилган. 

Кўпроқ янгиликлар