19-20 март кунлари Тошкентда Осиё Олимпия кенгаши ва Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ бошчилигидаги делегация меҳмон бўлади. Ас-Сабоҳ бундан аввал ҳам, 2015 йилнинг 14-15 июнь кунларида Тошкентда меҳмон бўлган ва ўшанда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биноси билан яқиндан танишиб чиққанди.

Тошкентга Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах ҳамроҳлигида келган Ас-Сабоҳ Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги қуриб битказилган биносига юқори баҳо берган, бу ерда яратилган шароитлар, хусусан Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолиятини ҳам олқишлаганди.

Ўша вақтнинг ўзидаёқ мартабали меҳмон ўзбек спортининг келажагига юксак таъриф бериб, ҳали Ўзбекистон спортчилари жаҳоннинг энг нуфузли мусобақалари - Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юксак чўққиларни забт этишларига асло шубҳаси йўқлигини таъкидлаб ўтганди.

Орадан бир йил ўтиб ўзбекистонлик спортчилар Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида мамлакат спорти тарихида энг яхши натижани қайд этиб, 13та медалга сазовор бўлди. Ўзбек боксчилари эса Олимпия ўйинларида 7та медаль билан биринчи ўринни эгаллашди.  

"Халқаро Олимпия қўмитаси ва бутун дунё Олимпия ҳаракати етакчиларини Ўзбекистон делегациясининг бу натижаси асло ҳайратлантирмади. Боиси айтиб ўтганимиздек, мамлакатимизда спорт тараққиёти ва Олимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлида олиб борилган улкан ҳажмдаги ишлар кун келиб албатта ўз самарасини бериши керак эди. Бир сўз билан айтганда бу кутилган ҳолат эди. Шунчаки Халқаро Олимпия ташкилотлари раҳбарларининг тахмини ўзини оқлади холос", дейилган МОҚ матбуот хизмати хабарида.

Ас-Сабоҳ Ўзбекистонга амалга оширадиган бу сафарги ташрифи давомида “Занги-ота” ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилади. Шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари билан музокаралар ўтказади.