Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг матбуот котиби Иброҳим Калиннинг айтишича, Германия махсус хизматлари Фатҳуллоҳ Гуленнинг Туркиядаги ҳарбий давлат тўнтаришига алоқадорлигини тан олишни истамаётгани, бу давлат ушбу ташкилотни қўллаб-қувватлашини англатади. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатган.

Бундан олдинроқ Германия Федерал разведка хизмати раҳбари Бруно Калль Гулен ва унинг тарафдорлари Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишга алоқадорлигини исботлайдиган биронта далил йўқлиги ҳақида гапириб ўтганди.

«Туркия бор имкониятлари билан бизни бунга ишонтириш учун уринмоқда. Аммо улар бунга муваффақ бўлишмади», — деган Калль.

Калин унинг баёноти ГФР Туркияда давлат тўнтариши бўлишини қўллаб-қувватлашидан дарак бериши ҳақида гапирган.

«Улар биз тақдим этган маълумотларни йўққа чиқармоқчи. Нега улар гуленчиларни ҳимоя қилади? Чунки бундан манфаатдорлар ва Германия бу кучлардан Туркияга қарши фойдаланиши мумкин», — деган Эрдўғаннинг матбуот котиби.

Германия ва Туркия муносабатларида навбатдаги таранглик ГФР ҳудудида турк вазирларининг ташвиқот маросимлари ўтказишига рухсат бермагани ортидан юзага келди.