БААда дунёдаги бахт бўйича илк кенгаш (World Happiness Council) таъсис этилди, у Global Happiness Report ҳар йилги глобал ҳисоботни тақдим этади, деб хабар бермоқда Arabian Business нашри.

Ҳисобот БААда ўтказиладиган World Government Summit ҳар йилги ҳукумат йиғилишида тақдим этилади.

13 аъзога эга бўлган Кенгаш ташкил этилиши ҳақида БАА вице-президенти ва бош вазири, Дубай ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, “бугунги кунда дунёга инсоният бахтига эришиш учун янги услуб керак, у ҳамкорлик ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ижобий қадриятларни мустаҳкамлаш учун умумий туташ нуқталарни излаш асосига қурилган бўлиши лозим”. Унинг таъкидлашича, бу мақсадга эришиш учун дунёдаги ҳукумат идораларининг ишида ўзгаришлар қилиниши керак.

Баёнот Халқаро бахт кунига (20 март) бағишланди. БАА бош вазирининг таъкидлашича, мамлакат шу тариқа “дунёга ижобий нома юбормоқда”.

Кенгаш бир йилда икки бора йиғилади. Шунингдек унга БМТ томонидан маъмурий кўмак берилади. Жаҳон бахт Кенгашига Колумбия университети профессори Жеффри Сакс раҳбарлик қилади.